ТАЖРИБА УСТУН КЕЛДИ

Бугун Ғузордаги “Болалар ва ўсмирлар футбол маркази” сунъий қопламали майдонида қишки ўқув-йиғин машғулотлари олиб бораётган “Шўртан” жамоаси рамзий маънода иккига бўлинган ҳолда синов-назорат учрашувини ўтказди. Унда асосий таркибга биринчи рақамли номзод бўлган жамоа футболчилари 3:1 ҳисобида ғалаба қозонишди.

Учрашувдан кейин қисқача ўз фикрларини билдириб ўтган бош мураббий Асрор Алиқулов жумладан қуйидагиларни айтиб ўтди:

– Айнан мазкур синов ўйини билан биз тайёргарлигимизнинг дастлабки бир ҳафталик босқични якунладик. Ишларимиз режа бўйича кечмоқда. Мураббийлар гуруҳи билан дастлабки хулосаларни чиқариб олдик. Мисол учун бугун асосий таркибга биринчи рақамли номзодлардан иборат бўлган жамоада қуйидаги футболчилар ҳаракат қилишди: Дарвозабон – Асадбек Полвонов (“Насаф”), Шербек Эшмуродов, Нурали Падаров, Олим Каримов, Холмурод Холмуродов, Самандар Шодмонов, Жасур Холтўраев  (ҳаммаси “Шўртан”), Шамсиддин Саъдуллаев, Жаҳонгир Қурбонбоев, Шокир Йўлдошев (иккиси ҳам “Машъал”), Худоёр Саъдуллаев (”Насаф”). Захирадан майдонга тушганлар – Сардор Саъдуллаев (“Насаф”), Санжар Тўрақулов (Қирғизистон жамоаси), Акмал Раҳимов (дарвозабон) ва Бекзод Сувонов (иккиси ҳам “Шўртан”).

Энди жамоа аъзоларига бир кунлик дам берилди. Ҳозирча йиғин Ғузорда давом эттирилади. Режага кўра, шу яқин кунлар ичида яна иккита синов-назорат учрашуви ўтказишимиз керак. Рақиб жамоалар билан гаплашиб турибмиз, фақат майдон борасида бироз муаммо чиқмоқда. Яъни, табиий чимли майдон топиш мураккаб бўлмоқда. Рақиб жамоаларга ва қолаверса, бизга ҳам сунъий қопламали майдон тўғри келмаяпти. Қишда эса ҳаммага маълумки, табиий чимли майдонларни топиш ҳар доим ҳам осон бўлмаган.

“Шўртан” ПФК матбуот бўлими

Leave a Reply